Тарбия
Тарбия инсоннинг бунёдга келишидаги башариятга хос заруратлардан биридир. Тарбия боланинг ҳаётнинг барча соҳаларида етишиши ва такомиллашишида асосий унсурдир. Боланинг ижтимоий, илмий, руҳий ва соғлиқ жиҳатидан соғлом шахс бўлиб етишиши тарбия билан бўлади. Иймоний тарбия ва унинг аҳамияти ҳақида гапиришдан олдин, тарбия тушунчаси, ундан назарда тутилган ва тарбиячилардан кутилган нарсалар ҳақида гапириб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
Тарбия
Тушунчаси
Тарбия – маълум қонун ва қоидалар томонидан бошқариладиган, мунтазам ривожланишда бўлган ва муайян мақсадга хизмат қиладиган амалий ишдир. Тарбия тўғри йўлга йўллаш, бошқариш, таълим бериш ва машғулотлар ўтказиш йўли билан чиройли одатларни шакллантиришни мақсад қилади. Тарбия улғайиб келаётган боланинг фитратини асраш, парваришлаш
қобилиятларини ривожлантириш ҳамда бу фитрат ва қобилиятларнинг салоҳияти ва камолини рўёбга чиқарадиган нарсага тўғри шаклда йўллантириш билан боғлиқ. Тарбия Ерни обод қилишга яроқли инсонларни тайёрлашдир. Зеро, ҳаётнинг ҳамма соҳаларидаги раҳбарларни етиштирган нарса – тарбиядир.
Иймоний тарбиянинг
аҳамияти
Иймон – борлиқнинг энг катта ҳақиқати ва инсоннинг энг буюк ғоясидир. Иймон – бу дунёда башариятнинг йўлини иккига айирадиган нарсадир. Бу ҳақида Аллоҳ бундай марҳамат қилган: «Улардан кимдир иймон келтирди, кимдир куфр келтирди” (Бақара, 253).
Инсонлар ишларини ва амалларини мана шунга кўра амалга оширадилар. Шунингдек, иймон инсонларнинг охират ҳаётидаги оқибатларини ҳам аниқлаб берувчидир.
Болалик даври инсон ҳаётининг ҳал қилувчи босқичларидан биридир. Негаки, бу даврда болага сингдирилган эътиқодлар, қадриятлар, одатлар ва майллар шундай чуқур ўрнашадики, уни таг-томири билан олиб ташлашни қўя туринг, ўзгартириш ҳам ўта қийин бўлади. Баъзан булар инсоннинг умри давомида ўз кучида қолади. Болалик даврида берилган иймоний тарбия умр бўйи ўз таъсирини кўрсатгани сабабли жуда муҳим ҳисобланади.
Тарбия, умумий қилиб айтганда, эътибор беришдан иборатдир. Зеро, эътиборсиз тарбия бўлмайди. Иймонни ўрнатиш эътибор беришга арзийдиган энг яхши масаладир. Биз яшаётган бу асрда эса, тарбия масаласида иш олиб бораётганлар тарбиянинг ақлий ва жисмоний тарафига эътибор қаратиб, иймоний ва руҳий томонига бефарқ ёндошмоқдалар. Улар моддий ўлчовлар билан дунёвий ютуқ ва муваффақиятни қўлга киришга аҳамият бериб, ухровий саодатга эришишни эътиборсиз қолдирмоқдалар. Бу нарса биз билан уларнинг тарбияга ёндошувимизнинг жуда катта фарқ қилишини кўрсатади.
Исломда иймоний тарбия покиза пайғамбарлик даврида тарбия биноси унинг устида қад ростлаган асослардан бири экани махфий эмас. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагилардан жавобгарсиз. Имом раҳбардир ва қўл остидагилардан жавобгардир. Эркак оиласига раҳбардир ва қўл остидагилардан жавобгардир. Хотин эрининг уйидаги ишларига раҳбардир ва қўл остидагилардан масъулдир» (Бухорий, 2558 ва Муслим, 1829).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар биримизнинг зиммамизда буюк масъулият борлигига эътибор қаратдилар. Инсон қарамоғидагиларга, қўл остидагиларга нима қилгани ҳақида, албатта жавоб беради. Бу ҳақида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Бирор бандани Аллоҳ одамларга бошлиқ қилса-ю, у уларга насиҳат қилмаса (самимий-холис бўлмаса), жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Бухорий, 7150).
Бу ҳадис тўғри ва омонат билан бўлган насиҳатни ҳамма нарсадан олдинга қўйилишининг аҳамиятига ишора қилмоқда. Бу насиҳат шундай кенг қамровли бўлиши керакки, насиҳат қилинган киши ундан ҳар тарафлама манфаат олиши даркор. Бу ҳақда Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг шу сўзи ривоят қилинади: «Ўғлингга тарбия бер, зеро, сен ундан масъулсан. Сен унга қандай тарбия берганингдан, унга нимани ўргатганингдан масъулсан. У эса сенга яхшилик қилиш ва итоат этишдан масъулдир” (Шуъаб ал-иймон, 8141).
Бу ерда Ибн Умар разияллоҳу анҳумо масъулиятнинг дастлаб ота-оналарнинг елкасига тушишини таъкидламоқда. Зеро, улар таълим ва тарбиянинг дастлабки манбаидирлар. Бир ривоятда келишича, тарбия бериш садақа қилишдан яхшироқдир: «Бир киши боласига тарбия бериши, бир соъ миқдорича садақа қилишидан афзалдир” (Термизий, 1951).
Шунингдек, фарзандни чиройли хулқ билан тарбиялаш, ҳар қандай ҳадя беришдан афзалроқ экани ривоят қилинган: «Ҳеч қайси ота боласига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани бермагандир” (Термизий, 1952).
Бу ва булардан бошқа ҳадис ва ривоятлар таълим ва тарбияга эътибор беришнинг ота-оналарнинг фарзандларига тақдим қилишлари мумкин бўлган бошқа ҳамма нарсадан аҳамиятлироқ ва улуғроқ эканини кўрсатади.
Яқин ўтмишгача фарзандларимизни нисбатан ёпиқ муҳитда етиштирар эдик. Аммо бугун эса, уйларимизнинг эшик ва деразалари бу учидан нариги учигача дунёга ланг очилган ҳолда! Бунинг яхши ва ёмон тарафлари борлиги табиий. Агар биз яхши тарафга олиб борадиган нарсаларни билмасак ёки эътибор бермасак, ёмонликлар яхшиликларни тўсиб қўйиши муҳаққақ. Агар атрофимиздаги содир бўлаётган жадал ўзгаришларни кузатишга аҳамият бериб, уларни яхши тарбиявий маданият уфқи билан ўқисак, ана шунда янги ўзгаришларнинг моҳиятини тушунишимиз мумкин. Мураббий бу нарсаларга эътибор берса ва оила аъзолари ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсалар, болаларнинг руҳларида иймоний тушунчалар мустаҳкамланади. Бола учун боғча ва мактаб танлашда ҳам бу масалага аҳамият берилади. Агар атрофимизга рўй бераётган нарсалардан ғофил бўлсак, ўрнига қўйиб бўлмайдиган даражада катта йўқотишлар бошимизга келиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг изни билан, сабр-бардош билан мунтазам бериб борилган тарбия воситасида энг яхши натижаларга эришсак бўлади. Зеро, тарбияда вақтинчалик йўналтириш етмайди, билъакс, тарбия мунтазам йўл кўрсатиш, кузатиш ва давом эттиришга муҳтож.
Иймоний тарбия
Зарурди
Бугунги ёш авлод руҳий ва маданий инқирозни ҳамда кенг очилишни бошларидан кечирмоқда. Уларни ҳамма томондан ўраб турган жозибали нарсалар, биз ўйлагандан хатарлироқдир. Биз инсон зиммасига юкланган энг қийин вазифани – тарбия вазифасини бажаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Одамларга иймонни таълим бериш ва уларни, айниқса, ёшларни иймоний таълимга чорлаш пайғамбарлар ва улардан кейин келган солиҳ инсонларнинг йўлидир. Бу эса болаларга иймоний тарбия беришнинг зарурлиги ва умматнинг унга катта эҳтиёжи борлигини
кўрсатади. Бунга мисоллар бисёр, масалан: Нуҳ алайҳиссалом ўғлини залолатдаги инсонлар билан ҳамроҳ бўлишдан огоҳлантириб, шундай деганини Қуръон ҳикоя қилади: «Эй ўғилим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга қолмагин!” (Ҳуд, 42).
Иброҳим алайҳиссалом фарзандларига шундай васият қилганди: «Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Аллоҳ сиз учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг!»“ (Бақара, 132).
Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган илк васияти ширкдан огоҳлантириш бўлганди: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк катта зулмдир” (Луқмон, 13).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиянлари Абдуллоҳ ибн Аббосга шундай насиҳат қилган эдилар: «Эй бола! Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин, У зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин, Уни қаршингда топасан. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра! Мадад тиласанг, Аллоҳдан тила!” (Термизий, 2516).
Бу ҳадисда иймоний тарбияга қаттиқ эътибор берилганини кўрамиз.
Иймоний таълим илм-фаннинг боши ва асоси эканини билиш, тарбиянинг зарурлигини баён қиладиган нарсалардандир. Агар болага иймон таълим берилиб, пайғамбарона манҳажга мувофиқ қалбига жойлаштирилса, ибодатлар ва бошқа диний масалалар унинг ортидан эргашиб келади. Бунга эътибор бериш, Аллоҳнинг изни билан, тавфиқ ва ҳидоят топишга сабаб бўлади. Зеро, кўп ишлар Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтиришга боғлиқдир. Иймон қачон кучли ва тайёр бўлса, инсонни йўлидан чиқарувчи қайтарилган нарсалардан тўсади.
Иймоний тарбиянинг аҳамиятини кўрсатадиган нарсалардан яна бири, баъзи ота-оналар фарзандларини ҳали кичик эканликларини олға суриб, иймонга тааллуқли масалаларни ўргатмайдилар. Фарзандлари каттарганда эса, уларга таълим беролмайдилар. Кимки фарзандига фойдали бўлган нарсани ўргатишга бепарво бўлса, уни ўз ҳолига ташлаб қўйса, унга энг катта ёмонликни қилган бўлади. Шундайки, жуда кўп болаларнинг бузилиб кетишига ота-оналарнинг уларга диннинг фарзлари ва суннатларини ўргатмаганликлари ва уларга бепарволиклари сабаб бўлгандир. Ота-оналар фарзандларини ёшликларида зое қилганлари сабабли, улар ўзларига ҳам, ота-оналари ғамхўрликка муҳтож бўлишганда уларга ҳам фойдаси тегмайдиган бўладилар.
Иймоний тарбиянинг зарурлигини кўрсатадиган нарсалардан яна бири, оммавий ахборот воситаларида болаларга йўналтирилган ва уларнинг аксариятида болалар қалбида бузуқ тасаввурлар ва тушунчаларни пайдо қиладиган (видео, аудио ва ўқиш учун мўлжалланган) дастурларнинг кўплигидир. Болаларга йўналтирилган бу оммавий ахборот воситаларининг оқимига қарши туриш учун мустаҳкам иймоний тарбия бўлиши шарт бўлди. Иймоний тарбия динда рухсат берилган сабабларга амал қилишдир. Иймоний тарбия тарбияга тааллуқли муаммолар юз беришидан олдин
болани етарли даражада ҳимоя қиладиган, муаммо юз берганда, уни муолажа қилишга ҳисса қўшадиган омилдир. Иймоний тарбия фарзандларнинг ота-оналар устидаги ҳақларидан биридир. У, Аллоҳнинг изни билан, дунёда бахт-саодат ва Охиратда нажот топишнинг сабабидир.
Ва ниҳоят, иймоний тарбия болаларга маънавий барқарорлик ва руҳий хотиржамликни беради. Чунки бу тарбия ҳаётдаги энг муҳим саволларга жавоб беради. Иймоний тарбия Қуръоннинг ҳидояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ёғдусидан мадад олади. У боланинг эҳтиёжларини биладиган, унинг воқеийлигини ўз ичига олган, манҳажи равшан, мақсадлари раббоний, соф ва аниқ манбадир. У боланинг мувозанатли ва мукаммал шахсиятга эга бўлишига ёрдам беради.
Иймоний тарбиянинг
Мақсадлари
Тарбиянинг умумий мақсади Аллоҳ таолога ҳақиқий қулликни рўёбга чиқаришдир. Бу мақсад, бир қанча қўшимча мақсадларни амалга оширилишини талаб қилади. Жумладан:
Биринчи: мусулмон жамият фарзандларини саҳиҳ ақидада етиштириш. Бундан мақсад, Аллоҳ азза ва жаллага тўғри ва онгли равишда ибодат қиладиган солиҳ инсонларни чиқаришдир.
Иккинчи: мусулмон жамиятдаги шахснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ва айтганларига амал қилган ҳолда яхши, намунали хулқлар билан безаниши. Зеро, Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида: «Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз” (Қалам, 4) деб гувоҳлик берган ва у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шубҳасиз, мен яхши хулқларни тўла-тўкис қилиш учун юборилдим” (Аҳмад, 8939) деганлар.
Учинчи: Аллоҳ таолонинг ва Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига амал қилган ҳолда мусулмон кишида жамиятнинг бир бўлаги эканини ҳис қилдирадиган, уларнинг муаммолари ва дардлари билан қизиқадиган, биродарлари билан алоқаларини кучайтирадиган жамоат туйғусини ривожлантириш. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз, оға-инилардир” (Ҳужурот, 10). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бундай деганлар: «Мўмин мўминга (қисмлари) бир-бирини суяб, тутиб турувчи бир бино кабидир” (Бухорий, 6026). «Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади” (Бухорий, 6011).
Бу оят ва ҳадислар Ислом уммати орасида чин иймоний биродарлик алоқалари бўлиши кераклигини таъкидлайди.
Тўртинчи: жамиятнинг фойдали ва фаол аъзоси бўлишига ёрдам берадиган, руҳан ва ҳис-ҳаёжон жиҳатидан вазмин шахс етиштириш. Бу билан киши Ер юзини обод қилишдаги ва унинг бойликларидан фойдаланишдаги роли ва вазифасини бажара оладиган ва Аллоҳнинг Ер юзидаги халифаси эканини билган ҳолда бу вазифанинг қийинчиликларини кўтара олдиган бўлади.
Бундан кўринадики, тарбияни доимий маънавий куч ҳосил қилишга, ички рағбат ва интилишни ривожлантириш ва кучайтиришга, сўзлар ва амалларга руҳ беришга хизмат қиладиган иймоний тарбия билан бошлаш зарур экан. Шу зайлда кишининг руҳий ва жисмоний тарбиянинг мақсадларини амалга ошириш учун керак бўлган ишларни қилиши осонлашади.
Тарбия
Асослари
Тарбия биноси уларнинг устида қад ростлаган бир қанча асослар бор. Уларни икки асосга қисқартиришимиз мумкин: маърифий ва амалий асослар.
Маърифат асоси ҳам ўз навбатида икки қисмга бўлинади: илм ва иймон.
Биринчи қисм: илм. Илм – хулқ-атвор майлларини тушуниш ва шакллантириш учун лозим бўлган асосий калитдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар” (Зумар, 9). Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга фойдали илмни ўргатишга ҳамда бефойда илмдан паноҳ сўрашни таълим беришга ҳарис бўлган эдилар. Уларга ўргатган дуолардан бири қуйидагича: «Эй Аллоҳ, Сендан фойда бермайдиган илмдан ва қўрқмайдиган қалбдан паноҳ беришингни сўрайман” (Муслим, 2722).
Иккинчи қисм: иймон. У – олти рукни билан биргаликда болаларнинг қалбларига ўрнаштириладиган иймондир. Иймон дунё ҳаёти ва ундан кейинни ўз ичига олган маънодир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат фарзандлари қалбларига соғлом, тўғри иймоний ақидани ўрнаштиришга қаттиқ ҳаракат қилганлар.
Амалий асосни эса, уч қисмга бўлиш мумкин: қуллик, татбиқ ва ахлоқ.
Биринчи қисм: қуллик. Самарали тарбия кишининг ичини тўғри шакллантириши ва унда ажралиб турадиган олий сифатларни бунёд қилиши керак. Шунда у, ҳаётини Аллоҳга доимий боғлиқлик ва ихлос билан давом эттиради, унинг тушунчалари ва феъл-атворлари, орзулари ва умидлари тўғриланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозга: «Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман. Ҳар намоздан кейин буларни айтишни тарк қилма дедилар: «Эй Аллоҳ! Сени зикр этишга, Сенга шукр қилишга ва гўзал ибодатингга мени мушарраф эт-кўмак бер” (Абу Довуд, 1522).
У зот Муозга ибодат Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг фазли эканини, у фақатгина инсоннинг тиришқоқлигига эмас, балки Раббоний тавфиққа боғлиқлигини, шунингдек, Аллоҳ таолодан доимий мадад сўрашга муҳтож эканини таълим бердилар. У зот мўмин киши Раббига ибодат қилар экан, Ундан мадад сўраши ва Унга таваккул қилиши кераклигини, ана ўшанда Аллоҳ уни Ўз тоатига муваффақ қилишини Муознинг қалбига ўрнаштирдилар.
Иккинчи қисм: татбиқ. Илм амалсиз бўлмайди. Амал Охиратда одамларнинг бир-бирларидан афзал бўлишини белгилаб берадиган нарсадир. «Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!” (Залзала, 7-8).
Учинчи қисм: ахлоқ. Исломнинг таълим услуби инсонни чиройли хулқ эгаси қилиб етиштиради. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутун рисолатларини битта мавзу – чиройли хулқ ва унинг таълими устида сайқалланганини кўрамиз. У зот шундай марҳамат қилганлар: «Шубҳасиз, мен яхши хулқларни тўла-тўкис қилиш учун юборилдим” (Аҳмад, 8939). У зот саҳобаларини чиройли хулққа тарғиб қилиб бундай деганлар: «Менга энг суюмли бўлганингиз ва Қиёмат куни менга энг яқин ўтирадиганингиз ахлоқи гўзал бўлганларингиздир” (Термизий, 2018). Демак, гўзал ахлоқ иймоний тарбиянинг кўринган натижасидир.
Тарбиявий
Намуналар
Амалий мисоллар ва намуналар келтириш, асослар ва қадриятларни ўрнатишда энг муҳим нарсалардан ҳисобланади. Бу ўринда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг болаларнинг иймоний асосларини шакллантиришда қандай йўл тутганларига доир бир қатор мисолларни келтирамиз:
- Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнларга паноҳ тилаб шундай дер эдилар: «Бобонгиз (Иброҳим) (ўғиллари) Исмоил ва Исҳоқларга шундай паноҳ сўрар эди: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўзлардан паноҳ тилайман” (Бухорий, 3371).
- Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шубҳасиз, ҳар бир туғилган бола фитрат (соф табиат) билан туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёхуд мажусий қилади”, дедилар” (Бухорий, 1358). Умар ибн Абу Салама разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоғидаги бола эдим. (Бир куни овқатланаётганимизда) қўлим товоқда (бу тарафидан нариги тарафига) бориб-келар эди. Шунда у зот менга: «Эй болакай! «Бисмиллаҳ», дегин, ўнг қўлинг билан ва олдингдан егин!», дедилар” (Бухорий, 5376; Муслим, 2022).
- Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида эдим. У зот шундай дедилар: «Эй болакай! Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин, У зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла, Уни қаршингда топасан. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Мадад тиласанг, Аллоҳдан тила. Шуни билгинки, бутун уммат сенга бирон манфаат етказиш учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар холос” (Термизий, 2516).
- Ҳасан ибн Али разияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга витрнинг қунутида ўқиладиган калималарни ўргатдилар: «Эй Аллоҳ! Мени ҳидоят этган кишиларинг қатори ҳидоят эт. Офият (соғлик, гуноҳлардан поклик) ато этганларинг қаторида офият бер. Яқин тутганларинг қаторида мени ҳам Ўзингга яқин эт. Ато қилган нарсаларингни мен учун баракотли қил. Қазо-ҳукм қилган нарсаларинг ёмонлигидан мени асра. Албатта, Сен ҳукм
- қиласан, Сенга (қарши) ҳукм қилинмас. Сен дўст тутган киши хор бўлмас (ва Сен душман тутган киши азиз бўлмас). Парвардигоро! Сен баракотли-буюк ва олий Зотдирсан” (Абу Довуд, 1425).
- Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй ўғилчам, оилангнинг ёнига кирганингда салом бергин, шунда ўзингга ва оила аҳлингга барака бўлади”, дедилар” (Термизий, 2698).
- Жундаб Бажалий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Биз балоғат ёшига етиб қолган йигитлигимизда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юрардик. Ўшанда Қуръондан олдин иймонни, сўнг Қуръонни таълим олардик, шу тариқа иймонимиз зиёда бўларди” (Ибн Можа, 61).
- Анас ибн Моликнинг онаси Умму Сулайм Румайсо разияллоҳу анҳум мусулмон бўлганда Анас ҳали сут эмадиган ёш бола эди. Онаси Анасга «Лаа илаҳа иллаллоҳ”, де, «Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, де, деб талқин қилар, у ҳам такрорларди.
- Иброҳим Таймий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: «Улар ёш боланинг биринчи айтган нарсаси «Лаа илаҳа иллаллоҳ”, бўлишини яхши кўрар ва болага уни етти марта ўргатар эдилар. Шу тариқа боланинг биринчи айтган нарсаси тавҳид калимаси бўларди”.