Муқаддима
энг шарафлиси, расулларнинг энг афзали пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Илк болалик йиллари «борлиқ” тушунчасининг шаклланишида жуда катта аҳамияти эга. Бу даврда боланинг онгига ўрнашган тушунчалар асосий ғишт ҳисобланиб, инсон шахсиятини ҳар томонлама шакллантирадиган ва унинг руҳий, ижтимоий ва диний эҳтиёжларига мос келиши лозим бўлган тушунчалардир. Бу давр боланинг ҳаётнинг алғов-далғовларига кирганда барқарор бўлишини таминлайдиган, ҳаётини мувозанатли, самарали ва фаол бир инсон ўлароқ давом эттиришига ёрдам берадиган мукаммал давр бўлгани жиҳатидан муҳимдир. Бола кўрган ва эшитган нарсалари воситасида бу дунё ҳақида ўзига хос намунани қуради. Бунинг натижасида болага қоладиган нарса, бошидан ўтказган ҳолатлар асосида ушбу асосий тушунчани амалий равишда тузатиш ва ривожлантиришдан иборатдир.
Шубҳасиз, илк болалик даврида бола суянадиган маълумот манбаи ота-онасидир. Шунинг учун, ота-оналарнинг тарбиялари қанча яхши бўлса, болаларники ҳам шунча яхши бўлади. Зеро, ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбия олишларидан масъулдирлар. Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ҳар бирингиз (кимгадир) раҳбарсиз ва қўл остингиздагилардан жавобгарсиз” (Бухорий, 2558 ва Муслим, 1829). Бу жавобгарлик, таълим-тарбияга эътибор бериш ва бунда ғайрат қилишни тақозо этади.
Биз яшаётган асрда шубҳали нарсалар ва нафсоний хоҳишлар тобаро кўпайиб бормоқда. Шунинг учун, ота-оналар фарзандларини тарбиялашда ростгўйлик, жидду жаҳд ва бор кучлари билан ғайрат қилишлари лозим. Ким билади дейсиз, балки болаларнинг руҳларига ота-оталари томонидан экилган бир дона маърифат уруғи, ота-оналари оламдан ўтиб кетгандан кейин ҳам ўз мевасини беришда
давом этар. Шу тариқа бола, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, ота-онаси ўлганидан кейин ҳам фойда келтиришда давом этадиган солиҳ амаллардан бири бўлиб қолар: «Қачонки бир инсон ўлса, уч нарсадан бошқа (барча) амали кесилади: … ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди” (Муслим, 1631).
Фарзандлар Аллоҳнинг ота-оналарга буюрган васиятларидан биридир. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида амр қилур” (Нисо, 11).
Яъни, эй ота-оналар! Фарзандлар сизларга омонатдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло диний ва дунёвий манфаатларингизни амалга оширишингиз учун сизни уларга ҳомий қилди. Шундай экан, сиз худди Аллоҳ таоло буюргани каби ҳар доим уларга таълим-тарбия берасиз, одоб-ахлоқни ўргатасиз, зарарли нарсалардан асрайсиз, мунтазам равишда Аллоҳнинг тоатига ва тақволи бўлишга чорлайсиз: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим, 6).
Фарзандлар ота-оналарига васият қилингандирлар. Улар ё бу васиятга амал қилиб, савоб олишади, ёки уни зое қилиб, жазо ва уқубатга лойиқ бўлишади. Аллоҳ таолонинг бандаларига ота-оналаридан ҳам меҳрибонроқ эканининг далили, фарзандларига бор меҳр-шафқатларини кўрсатишларига буюрганида намоён бўлади.
Қисқача қилиб айтганда, боланинг оила ичидаги тарбияси яхши бўлса, ташқи дунё билан муомаласи ҳам шундай яхши бўлади. Боланинг тарбиясида ва соғлом иймон билан улғайишида қаердадир оила таъсирининг бўлмаслиги, келажакда яхши ва мақталган хулқлардан мосуво боланинг ўртага чиқишига олиб келади. Тарбия фақат хато-камчиликларни тўғрилашдан иборат эмас. Бундан зиёда, болага дин асосларини ва шариат аҳкомларини ўргатиш, таълим бериш ва онгига ўрнаштириш, боланинг қалбида тасаввур ва тушунчаларни мустаҳкамлаш мақсадида ўрнак бўлиш, насиҳа
қилиш, ҳадислар ва қиссалар айтиб бериш каби турфа услубларни ҳам қўлланишдир. Буларнинг бари боланинг шахсий ҳаётида ва жамиятда одоб-ахлоқли, фаол ва вазмин бир шахс бўлишига васила бўлади.
Бу китоб икки қисмга бўлинган: биринчи қисм, «Иймоний тарбия атрофида” бўлиб, Аллоҳнинг изни билан, ота-оналарга фарзандларига тарбия беришда ёрдам берадиган бир қатор асослар ва тамоиллардан ташкил топган. Иккинчи қисм эса, «Болаларнинг иймонга тааллуқли саволларига жавоб беришда амалий намуналар” атрофида бўлиб, унда ҳар хил ёшдаги болалар орасида кенг тарқалган саволларнинг аксариятини, алалхусус, иймоннинг олти шартига тааллуқли бўлган саволлар ҳамда бундай саволарга қандай жавоб бериш ҳақида сўз юритади.
Муваффақият берувчи ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи ёлғиз Аллоҳдир.
Абдуллоҳ ибн Ҳамад ар-Ракаф