Фаришталарга тааллуқли саволлар
Фаришталар кимдирлар? Уларнинг шакллари қандай?
Фаришталар Аллоҳ яратган махлуқотлардан бўлиб, нурдан яратилган. Аллоҳ уларни инсонлардан олдин яратди, уларда хоҳиш, ақл ва қанотлар бор. Кўринишлари жуда чиройлидир. Улар инсон қиёфасига кира оладилар, емайдилар ва ичмайдилар. Улар фақат буюрилган ишни қиладилар. Улар энг юксак фазилат эгаларидир. Уларнинг ҳам энг фазилатлиси Жибрил алайҳиссалом бўлиб, вазифаси пайғамбарларга ваҳий олиб келишдир. Микоил, Исрофил ва бошқа фаришталар ҳам бор. Улардан инсонларни ҳар доим ҳимоя қилиб турадиганлари бор. Фаришталар жуда-жуда кўп ва ҳар бирининг ўз вазифаси бор.
Фаришталарнинг исмлари борми?
Фаришталарнинг саноғи жуда кўп, уларнинг саноғини ёлғиз Аллоҳ таоло билади. Улардан исмлари айтилганлари қуйидагилардир: Жибрил, Микоил, Исрофил, Ризвон, Молик алайҳимуссалом. Яна аршни кўтариб турувчи, инсонларнинг амалларини сақловчи ва бошқа фаришталар бор.
Аллоҳ нима учун фаришталарни яратган?
Аллоҳ таоло фаришталарни яхши ишларни қилишлари учун яратди. Улар фақат яхши ишларни қилади, ёмон иш нималигини билмайдилар. Фаришталар аслида осмонда эдилар, инсон Ер юзига тушгандан кейин, инсонларни ҳимоя қилиш, уларга ёрдам бериш, кузатиш, етказиш, қўллаб-қувватлаш, истиғфор айтиш, зикр ҳалқаларида ҳозир бўлиш ва булар каби бошқа вазифаларни бажариш учун фаришталар ҳам Ерга тушишларига тўғри келди. Болага фаришталарнинг иккита асосий вазифалари борлигини айтишимиз мумкин. Улар: Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Коинотдаги ишларни амалга ошириш.
Нимага фаришталарни кўролмаймиз?
Инсонлар фаришталарни Аллоҳ яратган суратда кўра олмайдилар. Лекин фаришталар инсон суратига киришлари мумкин. Масалан, машҳур Жибрил ҳадисини эсласак, Жибрил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг олдиларига бир аъробий суратида келганди.
Жинлар ким?
Жинлар Аллоҳ яратган махлуқотлардан бўлиб, оловдан яратилганлар. Уларга Аллоҳнинг буйруқларини бажариш ва қайтариқларини тарк қилиш вазифаси юклатилган. Улар ҳам бошқа махлуқотлар сингари ўладилар. Биз уларни кўролмаймиз. Аллоҳ уларга инсонда бўлмаган қудратларни берган, шу сабабли улар уча оладилар, бир жойдан бошқа жойга бирпасда етиб борадилар, ҳар хил шаклга кира оладилар. Жинлар билан инсонларнинг яратилиши бир-биридан фарқ қилади, инсонлар лойдан яратилган бўлса, жинлар оловдан яратилгандир.
Фаришталар кучлими, жинларми?
Фаришталар то сур чалингунига қадар ўлмайдилар, жинлар эса ундан олдин ўладилар. Ўлим фариштаси ҳар бир жонни ўлим вақти келганда руҳини олади: «Аллоҳ жонларни ўлим вақтларида, (ҳали-ҳануз) ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида олур” (Зумар, 42). Демак, фаришталар бу жиҳатдан жинлардан устун экан. Ҳатто бошқа томонлама ҳам фаришталар кучлидирлар, жин ва шайтонлар фаришталардан қўрқадилар. Мана Бадр жангида мўминларга ёрдамга келган фаришталарни кўрган шайтон кофирларга бундай деган эди: «Албатта, мен сизлардан безорман. Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни, фаришталар борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Анфол, 48).
Фаришталар ўладиларми?
Ҳа, ўладилар, чунки фаришталар ҳам Аллоҳнинг халқларидан биридир. Аллоҳдан бошқа ҳамма ўлади, Аллоҳ эса абадий тирик қолади: «Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)” (Қасос, 88).
Ер юзидагилар ҳам, осмондагилар ҳам, ҳамма ўлади, фақат Аллоҳ хоҳлаганлар мустасно. Энг охирида Аллоҳдан бошқа ҳеч ким тирик қолмайди, фақат Аллоҳ қолади, зеро, У зот ўлмайдиган барҳаётдир.