Китобларга тааллуқли саволлар
Самовий китоблар нима дегани?
Улар Аллоҳ таоло пайғамбарларига туширган китоблардир. Уларнинг туширилишидан мақсад, рисолатни етказиш ва шариатни ҳоким қилишдир. Улар халқларга дунё ва Охиратда саодатга эришишлари учун ҳидоят ва раҳмат қилиб нозил қилинган. Улардан бизга етиб келганлари: Иброҳим алайҳиссаломга берилган саҳифалар, Довуд алайҳиссаломга берилган Забур, Мусо алайҳиссаломга туширилган Таврот, Ийсо алайҳиссаломга туширилган Инжил ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръондир.
Қуръонга нима эҳтиёжимиз бор? Нима сабабдан Қуръон мангу мўъжиза ҳисобланади?
Инсон ясаган оддий жиҳознинг уни қандай ишлатишни ўргатадиган қўлланма китобчага эҳтиёжи бор экан, Аллоҳ яратган инсоннинг ҳам ҳаёт кўлланмаси бўлиши кераклиги аниқдир. Бу китоб ҳидоят ва иршод китоби бўлиб, инсонга дунё ва Охиратда нажот, муваффақият ва саломатликка эришиш йўлларини ўргатади. Аллоҳ таоло деди: «(Ахир) яратган Зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) Огоҳдир” (Мулк, 14).
Қуръоннинг мўъжизалигига келсак, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги пайғамбар бўлганлари учун унга берилган Қуръон мўъжизаси ҳам қиёматга қадар давом этиши керак. Чунки ундан кейин пайғамбар келмайди. Халқлар устидаги ҳужжат ҳам қиёматга қадар доим ва қоим бўлиши лозим. Қуръоннинг мўъжизакор эканини кўрсатувчи далиллар жуда кўп, уларнинг энг муҳими, фасоҳат ва балоғат мўъжизасидир. Аллоҳ таоло адабиёт ва фасоҳатда моҳир бўлган арабларни Қуръонга ўхшаган нарса келтиришга чорлаган, бироқ улар унга ўхшаган битта сура ҳам келтира олмадилар ва келтира олмайдилар ҳам. Шунинг ўзи Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил бўлганини кўрсатадиган далилдир.
Аллоҳ таоло нима учун олдинги самовий китобларни муҳофаза этмади?
Авваламбор, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаганини қилади. Қолаверса, бунинг бир қанча ҳикматлари бор, биз улардан баъзиларини биламиз, баъзиларини билмаймиз. Қуръондан олдинги китобларнинг мўъжиза бўлмаганлигини очиқ далилар исботлайди. Шундай экан, худди олдинги умматларнинг шариатлари маълум одамларгагина чегаралангани каби китоблари ҳам асл ҳолида давом этиши шарт эмас.
Қуръондаги бирон нарсанинг ўзгармаганини исботлайдиган далил борми?
Одатда бундай саволни ўрта мактаб ёшидаги ва ундан каттароқ болалар беришади. Бу ҳолатда унга Қуръоннинг тўғрилигини исботлайдиган ақлий ва мантиқий далил билан хотиржам тушунтириб бериш лозим бўлади. Болага шундай дейишимиз мумкин: «Кўп такрорланган нарса барқарор бўлади, кенг тарқалган нарса ўз тасдиғини топади. Қуръон ҳам бизга мутавотир йўл билан етиб келган” деб, мутавотир нима деганини тушунтириб берамиз. Мутавотир деб, ёлғон гапиришга келишиб олиши мумкин бўлмаган катта бир жамоа худди ўзи каби бошқа жамоадан ривоят қилган, асоси ҳис қилиш аъзоларига (кўз ёки қулоққа) таянадиган хабардир. Мусулмонлар Қуръонни авлоддан авлодга нақл йўли билан мерос қилишган. Уни илм мажлисларида ўзаро дарс қиладилар, намозларида тиловат қиладилар ва фарзандларига ўргатадилар. Ҳатто ёши улуғ, ҳайбатли киши Қуръон ўқиркан, битта ҳарфини нотўғри ўқиса, катталардан олдин болалар луқма ташлаб тўғрилаб қўйишади. Аждодларимиз Қуръонни бизга соф, нуқсондан холи ва бузмасдан етказишди. Агар бу далил инкор қилинса, тарих китобларида ёзилган Пайғамбарнинг ва саҳобаларининг борлиги каби аниқ ҳақиқатларни ҳам инкор қилишга ўтилади. Буни эса ҳеч бир оқил инсон қабул қилмаган.
Қуръон бутун инсон ва жинларни қўлларидан келса унга ўхшашини олиб келишларига чақирган бўлсада, улар ожиз қолишганидек, Қуръонда бошидан охиригача бирон ихтилоф, ўзаро зидлик ва нуқсон йўқдир. Ундаги хабарлар, қонунлар, аҳкомлар ва сўзларнинг мўъжизакорлиги, нуқсон ва ўзгаришга маҳкум бўлган инсонларнинг сўзлари эмаслигига далилдир. Қуръон Аллоҳ томонидан келган ва Аллоҳ уни муҳофаза этишни Ўз зиммасига олган китобдир.