Охират кунига тааллуқли саволлар
Охират қандай кун?
У Аллоҳ бутун халоиқни ҳисоб қилиш учун қайта тирилтирадиган кундир. Ундан кейин бошқа кун бўлмагани учун «Охират куни» деб, Аллоҳ инсонларни дунёда қилган ишларини ҳисоб қиладиган кун бўлгани учун «Ҳисоб куни» деб номланган. Одамлар ҳисоб қилингач, ким Аллоҳга итоат этган ва яхши амал қилган бўлса, жаннатга киради. Ким Аллоҳга осий бўлган ва ёмон амалларни қилган бўлса, дўзахга киради. Охират барча одамларга нисбатан дунё ҳаёти тугайдиган кундир. Қиёмат куни ҳам дейилади, чунки у кунда одамлар қабрларидан чиқиб, ҳисоб қилиниш учун осмонга тикилиб қиёмда турадилар.
Қиёмат қачон бўлади? Нимага у кун биздан яширилган?
Қиёмат қачон қоим бўлишини ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) соатини қачон воқеъ бўлиши ҳақида сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, уни (яъни, Қиёмат қачон бўлишини) билиш (қаерда)? (Яъни, сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз). Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар. Сиз фақат ўша (Қиёмат)дан қўрқадиган кишиларни огоҳлантиргувчисиз, холос. (Аммо у Куннинг қачон воқеъ бўлишини айтиб бериш сизнинг вазифангиз эмасдир)» (Назиъат, 42-45).
Токи биз яхши амал қилишда ғайратли бўлишимиз ҳамда яхшилик қилиш ва ёмонликни тарк этиш билан ҳар кун унга тайёр ҳолда туришимиз учун Аллоҳ қиёмат кунининг қачон бўлишини биздан яширди. Инсон қиёмат қачон бўлишини билса, жуда оз вақт қолгунгача тавба қилмай юраверади ва Ер юзи ҳозирги ҳолатидан кўра кўпроқ фасодга тўларди.
Ҳисоб нима дегани?
Аллоҳ таоло аввалги ва охиргиларнинг ҳаммасини жамлайди. Бу ҳақда шундай деган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам Маълум кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар” (Воқеа, 49-50). Сўнгра уларга амаллари кўрсатилади, улар амалларини танийдилар, сўнг амалларига яраша жазо/мукофот берилади, яхши амал қилган яхшилик, ёмон амал қилган ёмонлик билан жазоланади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!” (Залзала, 7-8).
Ўлим нима дегани?
Олти ва ундан кичик ёшдаги бола, одатда, ўлим ва қайта тирилиш маъносини тўла тушуна олмайди. Ўлим ҳар бир инсоннинг аниқ ниҳоясидир. Олти ёшдан саккиз ёшгача бўлган болалар, одатда, ўлимнинг маъносини ва унинг ҳар бир инсонга келишини тушунади. Саккиз ёшдан ўн ёшгача бўлган болалар, ўлим ва қайта тирилиш тушунчасини тўла қонли тушунадилар. Бола оиладан бирининг ўлимига гувоҳ бўлган бўлиши мумкин, балки бу унинг ўлим билан илк бор қаршилашиши бўлгандир. Ўлим ва қабр ҳақида эшитганда нималарни ҳис қилганини билолмаймиз, кўпинча булар тилга олинганда болада қўрқув пайдо бўлади. Шунинг учун, болага ўлим нима эканини ҳеч қандай ёлғон қўшмасдан тушунтириб беришимиз ва ўлган кишининг охиратга сафар қилганига ишонтиришимиз лозим. Йўқса, кўп ўтмасдан ўлим ҳақиқатини бошқалардан билиб олади.
Бола оила аъзоларидан бирининг ўлимига гувоҳ бўлишидан олдин, энг яхшиси, унга ўлган чумчуқ ёки қуриган дарахт ёхуд ўлик пашшани кўрсатиб, ўлим тушунчасини ҳиссий шаклда изоҳлашимиз мумкин. Сўнгра болага ўлган киши Охират диёрида яшагани кетганини, ҳаммамиз ҳам катта бўлгандан кейин вафот этиб, биздан олдин ўтганлар сафига қўшилишимизни ва Аллоҳнинг изни ила, улар билан бирга жаннатда яшашимизни содда қилиб тушунтирамиз. Муҳими, бола ўлимнинг ҳамма нарсанинг ниҳояси эмаслигини, балки мўминлар янада яхшироқ ҳаётга ўтиши, ёмонлар эса жазоларига дучор бўлишини билиши даркор. Шунингдек, Аллоҳ жонимизни олади дегани, бизни ёмон кўради дегани эмас, балки биз унинг гўзаллигини тасаввур қилолмайдиган жаннатларда Аллоҳга қўшни бўлиб яшашимиз учун жонимизни олишини билиши лозим.
Ундай бўлса, нимага болалар ҳам ўлади?
Болалар умуман ёмон ишларни қилишмайди, қасддан хатога қўл уришмайди. Шунинг учун, Аллоҳ ўлган болаларни раҳмати билан қарши олади ва жаннатига киргизади. Инсон вафот этиб, бу дуёндан ўтса ҳам, унинг руҳи яшашда давом этади. У Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади, унинг хотираси ва яхши амаллари инсонлар қалбида қолади. Шундай экан, инсон Раббига йўлиқадиган кун учун яхши амалларни қилиш билан ва Ислом шариати таълимотларига амал қилиш билан тайёргарлик кўриши вожибдир.
Ўлсак қаерга кетамиз?
Аллоҳ бизга бу дунёда яшаш учун белгилаб берган вақт ниҳоясига етгач, ўлгандан кейин қабрга борамиз. Қабр ўликлар учун мўлжалланган жойдир. Раббига иймон келтириб, Унга итоат этиб, дунё ҳаётида солиҳ амал қилган мўминлар учун қабр жаннат боғчаларидан бир боғча бўлади ва то қиёмат қоим бўлгунича неъматлар ичида яшайди.
Ўлик инсон эшитади ва кўрадими? Тупроқнинг тагида қандай нафас олади? У ейди, ичади ва ухлайдими?
Ҳа, албатта. Ўликларга салом берсак, бизни эшитишади, ҳақларига дуо қилсак, уларга етиб боради, лекин биз каби нафас олишмайди. Чунки нафас олишга эҳтиёжлари йўқ. Улар бошқа ҳаётда бўлиб, у дунё ҳаётига ўхшамайди. Охират ҳаётининг дебочаси барзах ҳаётидир. Унинг қонунлари ва табиати фарқлидир. У ерда нафас олинмайди, еб-ичилмайди, ухланмайди ва бирон иш қилинмайди. Билъакс, у ерда ё давомли неъмат, ё давомли азоб бўлади.
Жаннат нима? Унда нималар бўлади?
Жаннат саломатлик диёри бўлиб, жуда чиройли жойдир. Унда ҳамма орзу қилган, яхши кўрган нарсаларинг муҳайё бўлади. Жаннат яхши амалларни қиладиган солиҳ инсонлар борадиган жой бўлиб, унинг саккизта эшиги бор, улар жаннатнинг даражаларидир. Мўминлар ҳасанотлари ва раҳматдан олган насибаларига кўра улардан кирадилар. Яъни, ҳасанотлари кўп бўлган киши ҳасаноти оз бўлган кишидан чиройлироқ ва юксакроқ мақомда бўлади. Лекин уларнинг ҳаммаси роҳат, фароғат, розилик ва неъматда яшайдилар. Жаннатда бахтиёр бўлиб яшаймиз, касал бўлмаймиз, чарчамаймиз ва Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони, Расулуллоҳни, пайғамбарларни ва Аллоҳнинг изни билан, барча яхши кўрганларимизни кўрамиз. Жаннатда ейдиган, ичадиган, роҳатланадиган неъматлардан хоҳлаганимиз ва яхши кўрганимиз ҳамма нарса бўлади.
Дўзах нима? Нимага Аллоҳ уни яратди?
Дўзах азоб диёри бўлиб, Аллоҳ уни ёмон ишларни қиладиган, одамларга озор берадиган ва Аллоҳга осий бўлиб, Унинг буйруқларига итоат қилмайдиган одамларни азоблаш учун тайёрлаб қўйгандир.
Ҳайвонларнинг оқибати нима бўлади, улар жаннатга кетадими ёки дўзахгами?
Ҳайвонлар мукаллаф, яъни ибодат вазифаси топширилмаган махлуқотлардир. Аллоҳ уларни инсоннинг манфаати учун яратди. Шу сабабли, уларга ҳисоб ҳам, азоб ҳам йўқ. Қиёмат куни Аллоҳ барча ҳайвонларни қайта тирилтиради, бир-бирларидан қасосларини олиб беради, шохсиз қўйга уни сузган шохли қўйдан қасоси олиб берилади. Ҳайвонлар орасидаги қасосларини олиб бергандан кейин, Аллоҳ уларга: «Тупроқ бўлинглар”, дейди, улар ўша заҳоти тупроққа айланиб кетадилар.